Республикамизда хотин-қизлар
ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тазйиқ ва
зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини тубдан
такомиллаштиришга, болалар орасида назоратсизликнинг ва улар томонидан
ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга, шунингдек ногиронлиги бўлган
болаларни ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан
қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, хотин-қизларга зўравонлик ва тазйиқнинг
турли хил кўринишлари мавжуд бўлиб, юртимизда кўп учраётган зўравонликларнинг
бири – оилавий (маиший) зўравонлик ҳисобланади.
2023 йил 11 апрелдаги «Ўзбекистон
Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш
тўғрисида”ги
ЎРҚ-829-сонли Қонунига кўра оилавий (маиший) зўравонлик учун маъмурий ва жиноий
жавобгарлик белгиланди.
Оилавий (маиший) зўравонлик – хотинига (эрига), собиқ
хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки
умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган мулк, таълим олиш,
соғлиқни сақлаш ва (ёки) меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилиш,
мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек ушбу
шахслар соғлиғининг ёмонлашувига олиб келган тарзда уларнинг шаъни ва
қадр-қимматини таҳқирлаш, уларни қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш,
дўппослаш, ушбу шахсларга соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат
қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан
баданга енгил шикаст етказиш каби ҳолатларда намоён бўлади.
«Оилавий (маиший) зўравонликдан ҳимоя қилиш
чоралари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун
ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги 2024 йил 21
октябрдаги қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик
тўғрисидаги кодексининг 592-моддаси ва Ўзбекистон Республикасининг
Жиноят кодексининг оилавий (маиший) зўравонлик тўғрисидаги 1261-моддаси
болага нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик билан
тўлдирилди.
Оилавий-маиший зўравонликка қарши ёлғиз курашиб
бўлмайди. Қўрқиб яшовчи, руҳий жиҳатдан эзилган зўравонлик қурбони аниқ
қарорлар қабул қилиш ҳолатида бўлмайди. Бу ерда нафақат яқинларнинг, балки
давлат томонидан ҳам қўллаб-қувватлаш керак бўлади. Зеро зўравонлик, энг
аввало, шахсга қарши жиноят, шахсий эркинлик ҳуқуқларининг бузилишидир.
Жамиятимизда оиладаги зўравонликнинг олдини олиш мақсадида жамоатчилик орасида
кенг тушунтириш ишларини олиб бориб, оиладаги зўравонлик бўйича мавжуд нотўғри
тушунчаларни ўзгартириш керак.
Шунингдек, жамиятда хотин-қизларга
нисбатан тазйиқ ва зўравонликка доир муросасизлик муҳитини яратиш,
хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари тазйиқ ва
зўравонликдан ҳимоя қилинишини таъминлаш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий
маданиятни юксалтириш, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир
этилишига олиб келадиган сабаблар ҳамда шарт-шароитларни бартараф этиш
чораларини кўриш, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш мақсадида давлат
органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат
ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамкорлигини таъминлаш
орқали хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг
олдини олиш мақсадга
мувофиқ бўлади.
Аллаев Абдулло Садуллоевич,
Навоий вилоят судининг раиси
Имомов Бобир Тойирович
Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг раиси