Skip to content
Shan. Apr 19th, 2025

Сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, уларга янада қулай шарт-шароитлар яратиш борасида бир қатор самарали ислоҳотлар амалга оширилди.

Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига давлат ва бошқа назорат қилувчи органларнинг аралашувини олдини олиш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 ноябрдаги ПФ-184-сон Фармони қабул қилиниши ҳам бунга яна бир мисол ҳисобланади.

Фармонга кўра, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини назорат қилишга ваколатли органлар ва уларнинг назорат соҳалари рўйхати 1-иловага мувофиқ тасдиқланиб, мазкур рўйхатга жами 43 та назорат қилувчи органлар киритилди.

Бунда ушбу рўйхатга киритилмаган органлар ҳамда ташкилотлар томонидан ҳамда назорат соҳасида назарда тутилмаган масалалар бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятида назорат тадбирларини ўтказиш тақиқланиши белгиланди.

Шунингдек, 2025 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартибида амалга оширилиши қайд этилди.

Бунда текшириладиган тадбиркорлик субъекти аниқ бўлмаган ҳолатларда, шунингдек, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлигига, давлат манфаатларига, атроф-муҳитга зарар етказиш хавфининг тезкор олдини олиш ёки бартараф этиш мақсадида тадбиркорлик субъектлари фаолиятида “Назорат функциялари”га мувофиқ текширувлар текширув бошлангандан сўнг 24 соат ичида «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартибида амалга оширилиши назарда тутилди.

Бундан ташқари, 2025 йил 1 январдан бошлаб назорат қилувчи органлар томонидан «Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизими жорий этилиб, текширув ва профилактика тадбирларини ташаббус этиш ушбу тизим натижалари асосида амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, мазкур Фармоннинг қабул қилиниши назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлик фаолиятида текширишларни ўтказиш борасидаги масъулиятини янада оширишга ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

 

Дилшод Турдиев,

Учқудуқ туман иқтисодий судининг раиси

By admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan