Республикамизда оилаларни мустаҳкамлаш,
уларни ҳимоя қилиш, хотин-қизлар ва болаларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя
қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланган.
Президентимизнинг 2023 йил 21
декабрда қабул қилинган “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини
ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 9-бандида, Олий
суд, Судьялар олий кенгашининг илғор хорижий тажриба асосида фуқаролик ишлари
бўйича туманлараро судларда оилавий низоларни кўришга ихтисослашган судьялар
корпусини шакллантириш ҳақидаги таклифига розилик берилиб 2024 йил
1 февралдан мавжуд штат бирликлари доирасида тажриба тариқасида фуқаролик
ишлари бўйича Самарқанд шаҳар, Наманган ва Мирзо Улуғбек туманлараро
судларининг икки нафардан судьясини оилавий низоларни кўриш бўйича
ихтисослаштирган ҳолда, ушбу судларда “Оила судьялари” ташкил этилиши белгиланган.
Президентимизнинг юқоридаги қарори
ижросини таъминлаш мақсадида Олий суд Раёсатининг 2024 йил 23 январда
“Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар, Наманган ва Мирзо Улуғбек туманлараро
судларида оилавий низоларни кўришга ихтисослашган “Оила судьялари” ташкил этиш
тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, “Оила судьялари” ташкил этилди ва “Оила
судьялари” иш фаолиятини бошлади. Ушбу судларнинг ташкил этилиши ўз самарасини
берганлиги сабабли Олий суд Раёсатининг 2025 йил 19 декабрдаги РС-56-25-сонли
қарорига асосан фуқаролик ишлари бўйича Андижон, Кармана ва Нукус туманлараро
судларида оилавий низоларни кўришга ихтисослашган “Оила судьялари” ташкил
этилди.
“Оила судьялари” томонидан оилавий-ҳуқуқий
муносабатлардан келиб чиқадиган алимент ундириш, ота-оналик ҳуқуқини чеклаш ёки
ундан маҳрум этиш, бола билан кўришиш тартибини белгилаш, оталикни белгилаш,
фарзандликка олиш, никоҳдан ажратиш, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш, никоҳ
шартномасини бекор қилиш ёки ўзгартириш каби низолар кўриб чиқилмоқда.
Анвар Жумаев,
Фуқаролик ишлари
бўйича Учқудуқ туман суди раиси