Shan. Fev 14th, 2026

Ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиларидан бири – қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишидир. Жамиятда қонун-қоидаларга риоя этилишини таъминлаш мақсадида турли ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилади.

Бироқ, бундай чоралар адолатли, холис ва қонуний тартибда амалга оширилиши лозим. Шу нуқтаи назардан, ҳуқуқий таъсир чораларининг фақат суд тартибида қўлланилиши муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 67-моддасида давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлайди.

Тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақли. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади.

Тадбиркорлик фаолияти давомида назорат қилувчи органлар қонунбузилиш ҳолатини аниқласа, айрим ҳолларда улар иқтисодий судга мурожаат қилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 ноябрдаги “Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 184-сонли фармони 2-бандида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини назорат қилишга ваколатли органлар (кейинги ўринларда — назорат қилувчи органлар) ва уларнинг назорат соҳалари рўйхати 1-иловага тасдиқланган бўлиб, унда жами 45 дона назорат қилувчи органлар руйхати келтирилган.

Назорат қилишга ваколатли органлар томонидан берилган ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаши тўғрисидаги аризалар иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилади.

Иқтисодий суд қуйидаги чораларни қўллаши мумкин:

Фаолиятни тугатиш – агар қонунбузилиш жиддий бўлса, корхона фаолияти тўлиқ тугатилиши мумкин.

Атроф-муҳитга зарар етказаётган объектни тўхтатиш ёки қайта ихтисослаштириш – агар ишлаб чиқариш ёки бошқа фаолият табиатга зарар келтираётган бўлса, суд уни тўхтатиши ёки бошқа турга ўзгартириши.

Фаолиятни чеклаш, тўхтатиб туриш ёки тақиқлаш- маълум муддатга фаолият вақтинча тўхтатилиши ёки чекланиши мумкин. (Фавқулодда ҳолатлар ёки аҳоли соғлиғига хавф туғилганда, назорат қилувчи органи 10 иш кунигача мустақил чеклаш киритиши мумкин.)

Банк ҳисобварағидаги операцияларни тўхтатиш – қонунчиликда белгиланган ҳолларда банк операциялари вақтинча тўхтатилиши мумкин.

Молиявий санкциялар (жарималар) – суд молиявий жазо чорасини қўллаши мумкин. Аммо айрим ҳолатларда — масалан, тадбиркор айбини тан олиб, жаримани ихтиёрий тўлаган бўлса — масала судгача ҳал этилиши мумкин.

Лицензияни тўхтатиш ёки бекор қилиш –  айрим фаолият турлари лицензия асосида амалга оширилади. Ушбу тартиб, Ўзбекистон Республикаси “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонунида белгиланган.

ҚҚС гувоҳномасини тўхтатиш – қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчиси сифатидаги гувоҳнома 30 кундан ортиқ муддатга тўхтатилиши мумкин.

Ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишларнинг ўзига хос хусусиятларидан бири ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан эътиборан ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши керак.

Бироқ бунда ариза судга келиб тушганидан кейин камида бир ойдан сўнг кўриладиган молиявий санкцияларни қўллаш тўғрисидаги ишлар мустасно қилиб белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексида белгиланган ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш учун назорат қилувчи органлар қуйидаги ҳолатларни аниқлашлари лозим.

Корхона, ташкилот, муассаса ёки якка тартибдаги тадбиркор фаолиятини тугатиш учун корхоналар, ташкилотларнинг ишлаб чиқариш объектлари ёки фаолияти инсон саломатлигига ёки яшаш шароитига, табиий ресурсларга, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга зарарли таъсир этган ёки инсон ўлими, ҳайвонот ҳамда ўсимлик дунёсининг қирилиб кетишига сабаб бўлса, юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти тугатилиши лозим.

Бу каби ҳолатлар Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва ҳудудлардаги органлари ёхуд бошқа давлат органлари томонидан ўрганиб чиқилади.

Назорат қилувчи орган томонидан юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор фаолиятини тугатиш учун атроф табиий муҳитга зарарли таъсир кўрсатаётган объектлар фаолиятини тугатиш ва (ёки) қайта ихтисослаштириш тўғрисидаги аризага — таъсис ҳужжатларининг тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхалари; юридик шахс ёки фуқаро томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бузилганлигини тасдиқловчи, фаолиятни тугатиш, атроф табиий муҳитга зарарли таъсир кўрсатаётган объектлар фаолиятини тугатиш ва (ёки) қайта ихтисослаштириш учун асос бўладиган далилларни тақдим қилишлари лозим.

Ушбу тоифадаги ишлар кўрилишида келишув битими ёки медиатив келишув тузилишига йўл қўйилмайди.

Агар ҳуқуқий таъсир чоралари суддан ташқари тартибда қўлланилса, субъектив ёндашув, манфаатлар тўқнашуви ёки ваколатни суиистеъмол қилиш ҳолатлари келиб чиқиши мумкин. Бу эса тадбдиркорлик субъектларининг давлат органларига бўлган ишончини пасайтиради ва қонун устуворлигига путур етказади. Шу боис, жазо ва мажбурлов чораларини қўллашда суд назорати муҳим кафолат ҳисобланади.

Суднинг тадбдиркорлик субъектларига қўлланилиши тўғрисидаги ҳал қилув қарори 10 кундан кейин қонуний кучга киради ва суд якуний ҳужжати нусхаси 3 иш куни ичида тадбиркорга юборилади. Агар электрон манзил бўлса, қарор электрон шаклда ҳам юборилиши мумкин.

Иқтисодий суд томонидан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари тадбиркорлик фаолиятини жиддий таъсир остига қўйиши мумкин. Шунинг учун қонун талабларига риоя қилиш, ҳисоб-китоб ва ҳужжатларни тўғри юритиш ҳамда назорат органлари билан ҳамкорлик қилиш жуда муҳим.

Зеро, Қонунни билиш — бизнесни ҳимоя қилишнинг энг муҳим воситасидир.

 

Турғунбой Қаҳҳоров,

Навоий вилоят суди судьяси

 

Шерзод Ғофуров,

Навоий туманлараро иқтисодий суди раиси

By admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan