Shan. Fev 14th, 2026

Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси (бундан буён матнда Кодекс деб юритилади)га мувофиқ, ер участкасига бўлган ҳуқуқ фақат қонунчиликда белгиланган тартибда расмийлаштирилган ва давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейингина юридик кучга эга бўлади.

Хусусан, Кодекснинг 33 ва 35-моддалари ерга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар ҳамда ушбу ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини аниқ белгилаб беради.

Кодекснинг 33-моддасига кўра, ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи асосий ҳужжат — Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан берилган электрон кўчирмадир. Яъни, ерга бўлган ҳуқуқни тасдиқлашнинг ягона расмий шакли — давлат реестрида қайд этилган маълумот ҳисобланади.

Мазкур электрон кўчирма қуйидаги ҳужжатлар асосида шакллантирилади:

  • ер участкасига мулк ҳуқуқини берувчи давлат ордери;
  • вилоят ёки Тошкент шаҳар ҳокимининг ерни доимий фойдаланишга бериш тўғрисидаги қарори;
  • ижара шартномаси;
  • ер участкасини бериш ваколатига эга бўлган ташкилот ёки мансабдор шахснинг ҳужжати;
  • Кадастр агентлиги бўлинмаларининг ерни бўлиш ҳақидаги ҳужжатлари;
  • суд қарори;
  • олди-сотди шартномаси;
  • мулкдор ёки унинг ваколатли шахси қарори.

Шу тариқа, турли ҳуқуқий асосларга кўра ер участкасига ҳуқуқ вужудга келиши мумкин, аммо унинг амалдаги ҳуқуқий кучи фақат давлат рўйхатидан ўтказилганидан сўнг юзага келади.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат ер кадастри тўғрисидаги Қонунининг 13-моддаси ер участкаларига эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ҳуқуқларини, ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқини, шунингдек ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқини, шу жумладан сервитутлар тўғрисидаги битимларни ва бошқа чекловларни ҳамда бу ҳуқуқларнинг бекор қилинишини давлат рўйхатига олиш Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига тегишли маълумотларни киритиш орқали ер участкаси жойлашган ерда амалга оширилиши, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олиш белгиланган тартибда юридик ёки жисмоний шахснинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олиш ишларини амалга оширувчи органга берган аризасига асосан амалга оширилиши, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатига олиш ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар тўғрисидаги зарур ҳужжатлар илова этилган ариза келиб тушган пайтдан эътиборан икки кунлик муддатда тегишли ваколатли орган томонидан амалга оширилади, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустаснолиги, ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг юзага келиши ва бошқа шахсга ўтиши давлат рўйхатига олинганлиги ҳақида Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан электрон кўчирма берилади, унда рўйхатга олиш санаси ва тартиб рақами кўрсатилади.

Кодексининг 33-моддасининг ҳам муҳим қоидаларидан бири шундаки, ер участкасига бўлган ҳуқуқ белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейингина кучга киради.

Демак, шартнома тузилгани ёки қарор қабул қилингани ўзи етарли эмас — ҳуқуқ албатта ер участкаларига бўлган ҳуқуқлари давлат рўйхатига олиниши лозим.

Бу қоида ҳуқуқий аниқлик ва ошкораликни таъминлашга хизмат қилади. Давлат реестрида қайд этилган маълумотлар расмий ва ишончли ҳисобланади ҳамда учинчи шахслар учун ҳам мажбурий аҳамиятга эга.

Кодексининг 35-моддага кўра, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқлари мажбурий тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт ўлиб, унда ер участкасига бўлган ҳуқуқ эгаси тўғрисидаги маълумотлар, ер участкасининг тавсифи (ер тоифаси, рухсат этилган фойдаланиш тури, майдони, чегаралари, кадастр рақами ва бошқалар), шартнома шартлари, ерни сақлаш мажбуриятлари ва сервитутлар, жамоат эҳтиёжлари учун ер бериш тўғрисидаги қарорлар ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа маълумотлар киритилади.

Қонунчиликда давлат рўйхатидан ўтказишни рад этишнинг аниқ асослари ҳам белгиланган. Жумладан – мазкур ер участкаси кимга тегишли эканлиги бўйича низо мавжудлиги ва ер участкаси қонунда белгиланган тартибда олиб қўйилганлиги тўғрисида маълумот мавжудлиги.

Бу нормалар ер муносабатларида қонунийлик ва адолатни таъминлашга қаратилган.

Шу тариқа, ер муносабатларида ҳуқуқий аниқлик, ошкоралик ва барқарорлик таъминланади. Давлат рўйхатидан ўтказиш тартибининг мажбурийлиги ерга оид низоларнинг олдини олиш, мулкдор ва фойдаланувчилар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади. Демак, ер участкасига бўлган ҳуқуқни қонуний амалга оширишнинг асосий шарти — уни белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказишдир.

 

Лутфулло Тошмуродов,

Навоий вилоят суди судьяси

 

Бобур Холмуродов,

Навоий туманлараро иқтисодий суди судьяси

By admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan