Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2025 йил 21 августда “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 140-сонли фармон имзоланди.
Ушбу фармон билан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига янада қулай шароит яратиш мақсадида “Рақамли суд” концепциясини амалиётга татбиқ этиш назарда тутилмоқда. “Рақамли суд” концепцияси асосида кўриладиган ишларни тўлиқ электронлаштирилиши фуқароларга ҳужжатлардан нусха олиш, суд ишлари мазмуни билан танишиш, аризаларнинг судловга оидлигини, шунингдек, суд томонидан тақиқланган манба ва контентларни онлайн текшириш имконини беради.
Сунъий интеллект технологиялари жорий этилиши суд харажатларини ҳисоблаш, суд муҳокамасининг тахминий натижасини олдиндан ҳисобга олиш, мурожаатларни электрон юбориш, суд мажлиси баённомаларини реал вақт режимида тайёрлаш каби қулайликлар яратилишига хизмат қилади.
Махсус my.sud.uz порталида фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш модули ишга туширилади. Бу орқали юртдошларимиз виртуал ҳуқуқий маслаҳатчи ёрдамидан фойдаланиш имконига эга бўлади.
Муҳим янгиликларнинг яна бир эътирофли жиҳати ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида электрон ҳужжатлар алмашинувининг тартибга солинишидир. Хусусан, санкциялар ва мажбурлов чоралари бўйича тергов ва суд органлари ахборот тизимлари интеграция қилинади, маъмурий жазо қўллаш ваколатига эга вазирлик ва идоралар томонидан ҳужжатларни судга тақдим этилиши тўлиқ электронлаштирилади.
Яна бир муҳим жиҳат, иқтисодий суд тизими мақбуллаштирилиб, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида туманлараро иқтисодий судлар ташкил қилинмоқда. Бу тадбиркорлар ўз фаолиятида дуч келадиган ҳуқуқий муаммоларда судга мурожаат қилишнинг қулайроқ усулидан фойдаланишга замин яратади.
Президент фармони соҳага замонавий технологиялар жорий этилиши учун муҳим омил, мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
Абдулло Аллаев
Навоий вилоят суди раиси
Гиёсиддин Ялгашев,
Навоий вилоят суди раиси ўринбосари, жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси