Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддаси иккинчи қисмига кўра, ҳар
кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг
ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф
қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи
кафолатланади.
Ўзбекистон
Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси қайд қилинган
конституциявий нормадан келиб чиқиб, даъвогар масъулияти чекланган жамияти
(бундан буён матнда даъвогар деб юритилади)нинг
ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш
мақсадида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда жавобгар фермер хўжалиги
(бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) ўз шартномавий мажбуриятларини
бажармасдан, шартнома бўйича ҳосил бўлган 187.500.000 сўм миқдоридаги қарзни
тўлаб бермаётганлигини кўрсатиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 187.500.000 сўм
асосий қарзни ҳамда ушбу қарз ўз вақтида тўланмаганлиги учун 46.875.000 сўм
миқдорида ҳисобланган пеняни ундиришни
сўраган.
Иш ҳужжатларидан
кўринишича, тарафлар ўртасида 2021 йил 30 январь куни 1281-сонли пудрат
шартномаси тузилган. Мазкур шартномага кўра, даъвогар томонидан жавобгарнинг топшириғига биноан жами қиймати 625.000.000 сўм бўлган
томчилатиб суғориш асбоб-ускуналарини ўрнатиш ва унинг натижасини жавобгарга
белгиланган муддатда топшириш мажбуриятини олган, жавобгар эса иш натижасини
қабул қилиб олиш ва бунинг учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олган.
Суд мажлисида
аниқланишича, даъвогар томонидан жавобгарга қиймати жами 625.000.000 сўм бўлган
ишлар бажарилганлиги тўғрисида 11.05.2021 йилда 1281/1-сонли ҳисобварақ-фактура
ва бажарилган ишлар далолатномаси электрон тарзда юборилган бўлсада, иш
ҳужжатларида уларнинг жавобгар томонидан тасдиқланганлиги ёки рад этилганлиги
кўрсатилмаган.
Судга тақдим
қилинган мутахассис хулосасидан кўринишича, даъвогар томонидан пудрат ишлари
тўлиқ бажарилмаган. Жавобгар шу сабабли ўзининг субсидия олиш ҳуқуқидан маҳрум
бўлган. Жавобгар томонидан шартнома қиймати доирасида 12.03.2021 йилда ва
10.05.2021 йилда жами 437.500.000 сўм тўловлар тўлаб берилган. Даъвогар шартнома бўйича бажарилган ишлар
учун 15.11.2021 йил ҳолатига тўланмай қолинган 187.500.000 сўм миқдоридаги
қарздорликни ундиришни сўраган.
Жавобгар судга
даъво муддатини қўллаш тўғрисида ариза тақдим этиб, даъвогар томонидан бугунги
кунга қадар ушбу қарздорликни ундириш чоралари кўрилмаганлигини, умумий даъво
муддати узрли сабабларсиз ўтказиб юборилганлигини билдириб, даъво талабини
қаноатлантиришни рад қилишни сўраган.
Ўзбекистон
Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади)нинг
149-моддасига кўра, даъво муддати – шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво
қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддатлиги, 150-моддасида эса,
умумий даъво муддати – уч йил эканлиги кўрсатилган.
ФКнинг
154-моддасига кўра, даъво муддати шахс ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки
билиши лозим бўлган кундан ўта бошлайди. Муайян ижро муддатига эга бўлган
мажбуриятлар бўйича даъво муддати ижро муддати тамом бўлганидан кейин ўта
бошлайди.
Яъни, юқоридаги
қонун ҳужжатлари нормаларига мувофиқ, жавобгарнинг 187.500.000 сўм асосий
қарзини тўлаш бўйича мажбуриятининг ижро муддати (ишлар топширилган куннинг
кейинги кунидан) 2021 йил 12 майдан юзага келган.
ФК 153-моддасининг
иккинчи ва учинчи қисмларига кўра, даъво муддати суд томонидан
фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ
қўлланади. Қўлланиш тўғрисида низодаги тараф баён қилган
даъво муддатининг ўтиши суднинг даъвони рад этиш ҳақида қарор чиқариши учун
асос бўлади.
Шу боис суд томонидан даъво
талабларини қаноатлантириш рад этилиб, суд харажатлари даъвогарнинг зиммасига
юклатилган.
Бунда суд томонидан нафақат моддий ҳуқуқ нормаларига, балки суд
ишларини юритишда тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги тамойилига
таянилган.
Шерзод Ғофуров,
Навоий туманлараро
иқтисодий суди раиси
Фахриддин Бахронов,
Навоий туманлараро
иқтисодий суди судьяси