Pay. Apr 2nd, 2026

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 2-моддасига кўра, иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланаётган манфаатларини ҳимоя қилиш иқтисодий суд ишларини юритиш вазифаларидан бири ҳисобланади.

Мазкур мақоламиз орқали тарафлар томонидан шартнома расмийлаштиришда қонунчилик талабларига риоя қилинмаганлиги ва унинг оқибатларини таҳлил қиламиз.

Хусусан, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Навоий вилоят худудий бошқармаси даъвогар “Texno Lider N” масъулияти чекланган жамиятининг жавобгар Навбаҳор Давлат ўрмон ишлаб чиқариш корхонасига нисбатан 141.865.878 сўм асосий қарз ва 70.932.939 сўм пеня ундиришни сўраган.

Ишдаги материаллардан ва суд муҳокамасида аниқланишича, даъвогар билан жавобгар ўртасида 2024 йил 5 май куни 20-сонли шартнома тузилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 437-моддасига кўра, маҳсулот етказиб бериш шартномасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган маҳсулот етказиб берувчи-сотувчи шартлашилган муддатда ёки муддатларда ўзи ишлаб чиқарадиган ёхуд сотиб оладиган товарларни сотиб олувчига тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун ёки шахсий, оилавий мақсадларда, рўзғорда ва шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш учун топшириш, сотиб олувчи эса товарларни қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади.

Бироқ, тарафлар ўртасида 2024 йил 5 май куни тузилган 20-сонли шартнома ғазначилик бўлимидан рўйхатдан ўтказилмаган. Бу ҳақда Навбаҳор туман ғазначилик бўлими хати билан ҳам ўз тасдиғини топган.

Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодекси 122-моддасининг учинчи қисмига кўра бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг бюджетдан ажратиладиган маблағлар бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчилар билан тузган шартномалари, шунингдек уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар улар ғазначилик бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилганидан кейин кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг «Иқтисодий судлар томонидан битимларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида» 2014 йил 28 ноябрдаги 269-сонли қарорининг (кейинги ўринларда Қарор деб юритилади) 11-бандига кўра, Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодекси 122-моддасининг учинчи қисмига кўра, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағи олувчиларнинг бюджетдан ажратиладиган маблағлар бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчилар билан тузган шартномалари, шунингдек, уларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар улар ғазначилик бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилганидан кейин кучга киради. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларга нисбатан товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берганлик учун ҳақ ундириш тўғрисидаги даъволар кўрилаётганда шартнома Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодекси 122-моддасининг учинчи қисмида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаганлиги, шартноманинг ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди. Бундай ҳолатда шартнома тузилмаган деб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 3 июндаги “Бозор ислоҳотларини янада жадаллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-85-сонли Фармонининг 6-бандига асосан давлат харидларини амалга оширишда соғлом рақобат муҳитини таъминлаш мақсадида 2025 йил 1 январдан бошлаб бюджет буюртмачилари томонидан, шу жумладан, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан тузиладиган шартномалар бўйича тўловлар тегишли тартибда ғазначилик хизмати бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилгандан (ҳисобга олингандан) сўнг амалга оширилиши белгиланган.

Юқоридагиларга асосан, суд ушбу ҳолатда даъвогар томонидан жавобгарга товарлар етказиб бериш бўйича шартнома тузилишида қонунчилик нормаларига риоя этилмаганлигини, шу боис шартнома тузилмаган деб ҳисобланишини, жавобгарга асосий қарз ва пеняни тўлаш мажбурияти вужудга келмаганлигини инобатга олиб, даъво аризасини қаноатлантиришни рад қилишни лозим деб топди.

Шунингдек, суднинг хусусий ажрими билан даъво аризаси киритилишида қонун талабларига риоя қилмаган ходимларга нисбатан хусусий ажрим чиқарилиши белгиланди.

 

Шерзод Ғофуров,

Навоий туманлараро иқтисодий суди раиси

 

Бекзод Джумаев,

Навоий туманлараро иқтисодий суди судьяси 

By admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan