Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат
органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг
ҳуқуқлари самарали ҳимоясини таъминлашда тизимли ислоҳотлар амалга оширилди. Айниқса,
2017 йилда мамлакатимиз тарихида илк маротаба маъмурий судлар ташкил
қилинганлиги фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари ва
мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари устидан судга шикоят
қилишга оид конституциявий ҳуқуқларини таъминлашда муҳим қадам бўлди.
Бугунги кунда маъмурий судлар фаолиятига
илғор хорижий тажрибада ўзини оқлаган институт ва тартибларни кенг қўллаш
орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини
ҳимоя қилишда ушбу судларнинг ролини ошириш, шу жумладан, давлат органи
ҳужжатига ишониб фаолият юритган фуқаро ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари
ва қонуний манфаатларининг ҳимоясини қўшимча равишда кучайтириш зарурати
вужудга келганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг
“Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя
қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора табдирлари
тўғрисида”ги ПҚ 33-сонли қарори қабул қилинган.
Ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикасида
маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб :
давлат органлари билан муносабатларда
фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний
манфаатларининг ишончли ва самарали ҳимоя этилишини устувор равишда таъминлаш;
фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг
бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини
тиклашда суднинг фаол иштироки принципини қўллаш механизмларини кенгайтириш;
давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан
самарали суд назоратини ўрнатиш;
маъмурий суд ишларини юритишда низоларни судгача ҳал қилиш
механизмларини такомиллаштириш;
фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя
қилишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш орқали аҳолининг суд тизимига
бўлган ишончини янада ошириш;
давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан
назоратнинг таъсирчан механизмларини тўлиқ жорий этиш;
маъмурий юстиция тизими ривожланган давлатлар тажрибаси асосида
маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштириб бориш белгиланган.
Шунингдек, мазкур қарорнинг 1-иловасига
мувофиқ Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги
қонунчиликни такомиллаштириш концепцияси тасдиқланган.
Бу
борада маъмурий судлар зиммасига шикоятларни кўриб чиқишда “фаол иштирок этиш”
тамойили асосида низони тўғри ҳал қилиш учун далилларни мустақил йиғиш
мажбурияти юклангани, суд қарори ижросини таъминламаган мансабдор шахсларга
жарима қўллаш ваколати берилгани ҳам ушбу институт такомиллашиб бораётганлигидан
далолат беради.
Анвар Шукуров,
Навоий вилоят суди судьяси
Истам Турдиев,
Навоий вилоят суди судьяси