Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги
“Ўзбекистонни янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини
ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 6108-сон Фармонида, мамлакат
тараққиёти учун янги ташаббус ва ғоялар билан майдонга чиқиб, уларни амалга
оширишга қодир бўлган, интеллектуал ва маънавий салоҳияти юксак янги авлод
кадрларни тайёрлаш, таълим ташкилотлари битирувчилари замонавий касб эгалари
бўлишлари учун уларда зарур кўникма ва билимларни шакллантириш, мактаб
битирувчилари ўз иқтидори ва қизиқишларига мос касбни танлаб олиши, меҳнат
бозорида муносиб ўрнини топиши, касбий фаолиятида муваффақиятга эришиши учун
касбий йўналтириш тизимини жорий этиш мактабларда
7-синфдан бошлаб ўқувчилар ўртасида интерактив сўровномалар ўтказиш,
касб-ҳунарга бўлган қизиқишини аниқлаш ва уларнинг маълумотлар базасини яратиш белгиланган.
Мазкур Фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Навбаҳор
туманидаги 2-умумий ўрта таълим мактабида «Касбим-фахрим» мавзусида
учрашув ўтказилди.
Учрашувда Навоий туманлараро иқтисодий суди раиси Ш.Ғофуров ҳамда
мазкур суд судьялари Б.Джумаев, Ҳ.Саъдуллаев ва Б.Холмуродов иштирок этиб, таълим олиш, касб танлаш, ҳалол
ва виждонан меҳнат қилиш орқали жамиятда ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиш
борасида ўз фикр-мулоҳазаларини ёшлар билан ўртоқлашишди.
Самимий руҳда ўтган мазкур учрашувда Президентимизнинг ёшлар ҳақида сўз
юритган “Дунёда энг катта бойлик – ёшликда олинган билим ва эгалланган
касб-ҳунардир” деган фикрлари ва унинг мазмун-моҳияти ўқувчи ёшларга тушунтириб
ўтилиб, ёшларни таълим олиш ва касбга йўналтириш борасида Навбаҳор туманидаги 2-умумий
ўрта таълим мактабида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумотлар бериб ўтилди.
Шунингдек, битирувчи ўқувчилар томонидан тадбир меҳмонларига берилган
саволлар ва ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича тушунтириш ва жавоблар
берилиб, тадбирнинг янада қизиқарли ва мазмунли ўтиши таъминланди.
Уйлаймизки, ташкил этилган мазкур учрашув орқали ҳар бир ёш ўз олдига
катта мақсадлар қўйиб, тинимсиз ўқиб, бор куч-ғайрати билан меҳнат қилиб,
ўзининг эзгу орзу-мақсадларини амалга оширишади, албатта.
Бегзод Джумаев,
Навоий туманлараро иқтисодий суди судьяси