Мазкур семинар Давлат активларини бошқариш агентлиги Навоий вилоят бошқармасининг меҳнат жамоаси иштирокида Навоий туманлараро иқтисодий суди раиси Ш.Ғофуров ва судьялар А.Хамидов, Ф.Бахронов, Б.Джумаев. Ҳ.Саъдуллаев томонидан ташкил этилиб, маързачилар ўзларининг тушунтиришлари орқали мавзуга доир масалалар хусусида сўз юритишди.
Хусусан, тадбир давомида суд-ҳуқуқ тизимига оид қонунчилик, бу борада амалга оширилган ислоҳотлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-140-сон Фармонининг мазмун-моҳияти, иқтисодий судлар фаолиятидаги ўзгаришлар тушунтириб берилди.
Шунингдек, мазкур учрашувдан кўзланган асосий мақсад давлат мулкини реализация қилишга оид аукцион савдоларини ўтказиш ва бу борада шартномалар тузиш, унинг ўз вақтида ижро этилишида қонун устуворлигини таъминлаш, мазкур соҳада қонунбузулишларнинг олдини олиш ҳамда соҳада фаолият юритаётган ходимларнинг ҳуқуқий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда бунда коррупциявий ҳолатларга йўл қўймасликдан иборат эканлиги семинар давомида алоҳида таъкидланди.
Тадбир давомида Навоий туманлараро иқтисодий суди судьялари А.Хамидов, Ф.Бахронов, Б.Жумаев. Ҳ.Саъдуллаев томонидан давлат мулкини реализация қилиш, бу тўғрисида шартномалар тузиш, унинг ўз вақтида ижро этилмаслиги, мажбуриятлар бажарилмаслиги оқибатида келиб чиқаётган низолар ва мазкур низоларни ҳал қилиш учун даъво аризаларини иқтисодий судларга тақдим қилишда қонун талабларига риоя қилинмаётганлиги, бу борадаги мавжуд муаммо ва хато-камчиликлар суд амалиётида кўрилган ишлар мисолида таҳлил қилиб берилди.
Учрашув очиқ мулоқот руҳида ташкил этилиб, бошқарма ходимлари ўз фаолияти давомида учраётган амалий муаммолар юзасидан саволлар бердилар. Судьялар томонидан берилган ҳуқуқий тушунтиришлар эса қонун нормаларини тўғри қўллаш ва иш юритиш жараёнларида хатоларга йўл қўймасликка хизмат қилиши таъкидланди.
Хусусан, тадбирда жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, давлат мулкини асраб-авайлаш, мазкур муносабатларда коррупциявий ҳолатларга мутлақо йўл қўймаслик ҳар бир давлат хизматчисининг устувор вазифаси эканлиги алоҳида таъкидланди.
Бундай учрашувлар меҳнат жамоаси самарадорлигини ошириш, ҳуқуқий онг ва масъулиятни кучайтириш ҳамда соҳада шаффофликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Бегзод Джумаев
Навоий туманлараро иқтисодий суди судьяси