Мамлакатимизда
кечаётган янгиланишлар жараёни ҳар бир соҳада туб бурилишларни ясамоқда.
Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 16 февралдаги “Маҳаллани ривожлантириш
ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари
ва “Ўзбекистон-2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури
тўғрисида”ги ПФ-22-сон Фармони бу борадаги интилишларнинг мантиқий давоми
бўлди. Мазкур ҳужжат нафақат ижтимоий-иқтисодий соҳаларни, балки жамиятда қонун
устуворлигини таъминловчи энг муҳим бўғин — суд-ҳуқуқ тизимини ҳам янги сифат
босқичига олиб чиқишни назарда тутади.
Ушбу фармоннинг
туб моҳиятида “инсон қадри учун” деган эзгу ғоя ётади. Мазкур дастурда
белгиланган вазифалар одил судловни таъминлаш механизмини маҳалла даражасигача
туширишга қаратилган. Зеро, жамиятда адолат қарор топмас экан, маҳаллани
ривожлантириш ва ижтимоий юксалиш ҳақида гапириб бўлмайди. Фармон билан
тасдиқланган давлат дастурида маъмурий жавобгарлик тизимини либераллаштириш
масаласига алоҳида урғу берилгани эътиборга молик. Маъмурий жавобгарлик
тўғрисидаги кодекснинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида жазо
қўллашдан кўра, ҳуқуқбузарликлар профилактикасига устуворлик берилиши суд
тизимида инсонпарварлик тамойилини янада мустаҳкамлайди. Эндиликда ҳар бир жазо
тури содир этилган қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражасига мутаносиб бўлиши
қатъий белгилаб қўйилмоқда.
Рақамлаштириш
ва замонавий технологияларнинг суд жараёнларига татбиқ этилиши ҳам фармоннинг
энг илғор жиҳатларидан биридир. Хусусан, сунъий интеллект имкониятларидан
фойдаланган ҳолда ишсизлик, миграция ва ижтимоий ҳолатни таҳлил қилиш, шу
асосда профилактика режаларини рақамлаштирилган маълумотлар асосида тузиш
тизими йўлга қўйилмоқда. Бу эса суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун
жиноятчиликнинг барвақт олдини олишда, айниқса кибержиноятларга қарши курашишда
янги имкониятлар эшигини очади. Суд тизими учун бундай технологик янгиланишлар
иш самарадорлигини ошириш билан бирга, инсон омилини камайтириш ва шаффофликни
таъминлашга хизмат қилади.
Маҳаллабай
ишлаш тизимининг суд соҳасига ҳам изчил кириб бориши, низоларни судгача ҳал
қилишнинг муқобил механизмларини кучайтиришни тақозо этади. Давлат дастурида
белгиланган вазифалар ижроси натижасида судларнинг иши фақат ҳукм ёки қарор
чиқаришдан иборат бўлиб қолмай, балки маҳалладаги муаммоларнинг ҳуқуқий ечимини
топиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга ҳам йўналтирилади. Бу борада
тергов судьяларининг ваколатларини кенгайтириш ва суд назоратини кучайтириш
борасидаги ислоҳотлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг энг олий кафолати бўлиб
қолади.
Хулоса
қилиб айтганда, Президентимизнинг ПФ-22-сон Фармони “Ўзбекистон-2030”
стратегиясининг узвий қисми сифатида давлат ва жамият ҳаётини сифат жиҳатидан
янгилайди. Суд тизими учун мазкур фармон ижросини сифатли таъминлаш, ҳар бир
фуқаронинг ўз маҳалласида адолатни ҳис қилишига эришиш энг олий масъулиятдир. Зеро,
адолат тантана қилган жамиятда юксалиш ва тараққиёт бардавом бўлади.
Фазлиддин Саноқулов,
Навоий вилоят маъмурий суди судьяси
Дониёр Саидов,
Навоий вилоят маъмурий суди судья катта ёрдамчиси