Аннотатсия.
Мазкур мақолада оиладаги зўравонлик тушунчаси, унинг жамиятга салбий таъсири ҳамда ушбу ҳодисани тартибга солувчи қонунчиликдаги айрим муаммолар таҳлил қилинади.
Жамият тараққиётида оиланинг ўрни беқиёс ҳисобланади. Оила инсоннинг шахс сифатида шаклланишида, маънавий қадриятларнинг авлоддан-авлодга ўтишида муҳим рол ўйнайди. Шу билан бирга, айрим ҳолларда оила ичида содир этилаётган зўравонлик ҳолатлари жамият барқарорлигига салбий таъсир кўрсатади. Оиладаги зўравонлик нафақат шахсий муаммо, балки ижтимоий ва ҳуқуқий муаммо сифатида ҳам эътироф этилади.
Оила – жамиятнинг асосий бўғини бўлса-да, узоқ вақт давомида ундаги низолар «ёпиқ эшиклар ортидаги муаммо» сифатида кўриб келинди. Бироқ, халқаро тажриба ва ички статистика шуни кўрсатдики, оилавий зўравонлик нафақат инсон ҳуқуқларининг бузилиши, балки жамият барқарорлигига таҳдид солувчи омилдир. Ўзбекистон қонунчилигида оилавий зўравонликни алоҳида таркиб сифатида белгиланиши ҳуқуқий тизимда янги даврни бошлаб берди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида оилавий зўравонликка қарши курашиш, аёллар ва болаларни ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида қатор қонунчилик ўзгаришлари амалга оширилди. Хусусан, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зоʻравонликдан ҳимоя қилиш тоʻгʻрисида”ги Қонун, «Тазйиқ ва зоʻравонликка учраган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларига ижтимоий хизмат коʻрсатиш» нинг Ма’мурий Регламенти, «Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш механизмларини янада кучайтириш масалалари ҳақида» Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарори қабул қилиниб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда Жиноят кодексига оилавий зўравонлик билан боғлиқ янги нормалар киритилди. Ушбу ўзгаришлар оилавий зўравонликка қарши курашиш тизимини кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Қонунчиликка кўра, оилавий (маиший) зўравонлик — бу турмуш ўртоғига, собиқ турмуш ўртоғига ёки биргаликда яшовчи шахсга нисбатан турли шаклларда тазйиқ ўтказиш, унинг ҳуқуқларини чеклаш ёки унга жисмоний, руҳий ёки моддий зарар етказиш билан боғлиқ ҳаракатлар ҳисобланади.
Оилавий зўравонлик қуйидаги асосий шаклларда намоён бўлади:
· Жисмоний зўравонлик – дўппослаш, тан жароҳати етказиш, жисмоний куч ишлатиш;
· Психологик зўравонлик – қўрқитиш, таҳқирлаш, шаън ва қадр-қимматни камситиш;
· Иқтисодий зўравонлик – мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқини чеклаш, моддий таъминотдан маҳрум қилиш;
· Ижтимоий зўравонлик – яқин қариндошлардан ажратиб қўйиш, таълим олиш ёки ишлаш ҳуқуқига тўсқинлик қилиш.
Қонунчилик ушбу ҳаракатларнинг ҳар бирини ҳуқуқбузарлик сифатида баҳолайди ва тегишли жавобгарлик чораларини белгилайди.
Илгари оиладаги калтаклашлар умумий «қасддан баданга енгил шикаст етказиш» моддаси билан малакаланар эди. Эндиликда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 592-моддаси (Оилавий (маиший) зўравонлик) жорий этилди.
Оилавий зўравонлик содир этилганида, агар қилмиш жиноят аломатларига эга бўлмаса, шахс Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс асосида жавобгарликка тортилади. Ушбу кодекснинг тегишли моддаларига кўра оила аъзоларининг ҳуқуқларини чеклаш, мол-мулкига зарар етказиш, психологик босим ўтказиш, енгил жисмоний зўравонлик учун жарима ёки маъмурий қамоқ жазоси қўлланилиши мумкин. Масалан, бундай ҳуқуқбузарликлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 20 бараваригача жарима ёки 10–15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланилади.
Мазкур механизм оиладаги зўравонликнинг дастлабки босқичларидаёқ унинг олдини олишга хизмат қилади. Яъни, маъмурий жавобгарлик шахсни огоҳлантириш ва қайта ҳуқуқбузарлик содир этишининг олдини олишга қаратилган.
Агар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин шахс бир йил давомида яна оилавий зўравонлик содир этса, иш Жиноят кодексининг 126-1-моддаси бўйича кўрилади. Бу модда бир неча қисмдан иборат бўлиб, жиноятнинг оғирлик даражасига қараб жазони мувофиқлаштиради:
· Такроран содир этиш – 300 соатдан 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш / маҳрум қилиш;
· Ҳомиладор аёлга нисбатан – 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш;
· Оғир баданга шикаст етказиш – 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Мазкур нормалар оилавий зўравонликка қарши курашишда жиддий ҳуқуқий механизм ҳисобланади.
Илгари кўплаб жиноят ишлари судгача босим остида «ярашув» билан тугатилар эди. Янги қонунчиликка кўра, ЖК 131-модда (Ярашув) оилавий зўравонлик ишлари бўйича фақат суд муҳокамаси босқичида ва жабрланувчи ўз аризасидан воз кечмаган тақдирдагина қўлланилади. Бу жабрланувчини туман ИИБ хонасида туриб «ариза берма» деб қилинадиган тазйиқлардан ҳимоя қилади.
Қонунчилик такомиллашганига қарамай, амалиётда айрим муаммолар ҳамон сақланиб қолмоқда:
· Латентлик (яширинлик): Кўп ҳолларда жабрланувчилар иқтисодий қарамлик ёки ижтимоий босим туфайли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилмайди.
· Ҳимоя ордерининг ижроси: Ҳимоя ордери берилгани билан, тажовузкор ва жабрланувчи кўпинча битта уйда яшашда давом этади. Бу эса такрорий зўравонлик хавфини оширади.
· Психологик реабилитатция: Фақат жазолаш билан муаммо илдизини қирқиб бўлмайди. Айбдор шахслар билан мажбурий психологик тузатиш дастурлари етарли даражада йўлга қўйилмаган.
Хулоса қилиб айтганда, оилавий зўравонлик жамиятнинг барқарор ривожланишига салбий таъсир кўрсатувчи жиддий ижтимоий-ҳуқуқий муаммо ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасида ушбу муаммога қарши курашиш мақсадида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда Жиноят кодексига тегишли ўзгартиришлар киритилган бўлиб, улар зўравонликка қарши самарали ҳуқуқий механизмни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, ушбу муаммони бартараф этиш учун нафақат ҳуқуқий чоралар, балки профилактика, ҳуқуқий тарғибот, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Оилада соғлом муҳитни яратиш, аёллар ва болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда зўравонликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш орқали жамиятда барқарор ва хавфсиз муҳитни таъминлаш мумкин.
Комил Пирматов,
Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси
Шерали Хомидов,
Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди тергов судьяси