Pay. Apr 2nd, 2026

Коррупцияга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги доирасидаги муҳим ҳуқуқий актлардан бири бу “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги” қонун бўлиб, у коррупцияга қарши курашишнинг асосий нормалари ва тамойилларини ўз ичига олади. Ушбу қонуннинг вазифаси давлат идоралари, жамият ва фуқароларнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятини тартибга солишдан иборат.

Қонуннинг асосий тамойилларидан бири шаффофлик ва ошкоралик бўлиб, бу давлат идораларининг фаолияти устидан очиқ назорат ҳамда жамоатчиликнинг фаол иштирокига асосланади. Бу тамойил жамият аъзоларининг давлат бошқарувидаги иштирокини ошириш, давлат хизматларидан фойдаланишда коррупциявий ҳолатлар юзага келишини олдини олиш учун муҳимдир. Коррупцияга қарши курашишнинг яна бир муҳим тамойили бу ноқонуний бойишларни фош қилишдир. Қонун давлат хизматчиларининг, шунингдек, уларнинг яқин қариндошларининг даромад ва мол-мулкларини мажбурий декларация қилиш тартибини назарда тутади. Бу эса давлат хизматчиларининг даромад манбаларини назорат қилиш имконини беради.

Қонун, шунингдек, коррупцияга қарши курашишда давлат органлари орасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашни назарда тутади. Махсус коррупцияга қарши курашиш идоралари тузилмалари оʻрталарида маълумот алмашиш, тажриба ва кўрсатмалар бериш орқали самарали ҳамкорлик тизимини яратиш вазифаси қўйилади.

Бундан ташқари, қонун коррупция хавфларини баҳолаш тамойилини жорий этади. Бу эса коррупция билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатларни олдиндан аниқлаш ва бартараф этиш учун тизимли ёндашувни киритади. Хавфларни баҳолаш жараёни давлат муассасалари фаолияти доирасида амалга оширилади ва бу жараённинг натижалари коррупцияга қарши курашиш бўйича стратегик режалаштириш учун асос бўлади.

Шунингдек, таълим ва тарғибот орқали коррупцияга қарши курашиш тамойили ҳам қонунда акс этган. Жумладан, давлат ва хусусий сектор вақти-вақти билан коррупцияга қарши семинарларда ва тренингларда иштирок этишлари талаб қилинади. Ушбу фаолият коррупция масалалари боʻйича хабардорлик даражасини оширади ҳамда ходимлар орасида коррупцияга қарши маданиятни тарғиб қилишга хизмат қилади.

Қонун давлат идораларида коррупцияни аниқлаш ва бартараф этиш учун ички назорат тизимини жорий этишни талаб қилади. Бу тизим коррупциявий хатти-ҳаракатларни тезда аниқлаш, уларни ҳуқуқий баҳолаш ва келгусида бартараф этиш чоралари коʻрилишини таъминлайди.

Бундан ташқари, қонун ҳуқуқ-тартибот идораларининг коррупцияга қарши курашиш боʻйича ваколатларини кучайтиришни назарда тутади. Махсус гуруҳлар тузиш орқали коррупция билан боғлиқ жиноятларни тергов қилишда тезкорликка эришилади. Давлат хизматчилари учун этик кодекс ва ҳуқуқий масъулиятни бузганлик учун жавобгарлик чоралари ҳақида қатъий қоидалар белгиланган. Бу эса давлат хизматчиларининг ўз хизмат вазифаларини ҳалол ва виждонли бажаришига мажбур қилади ва коррупциявий жиноятларга йўл қўймасликка кўмаклашади.

Умуман олганда, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги” қонуни орқали мамлакатда коррупцияга қарши муросасиз кураш стратегиясини амалга оширишга шериклик ёндашуви қўлланилади, бунда бош вазифа жамиятдаги барча қатламларда коррупция ва бошқа шунга ўхшаш салбий ҳолатлар кузатилмайдиган, шаффоф ва адолатли муҳитни яратишдан иборат.

Комил Пирматов,

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси

 

Шерали Хомидов,

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди тергов судьяси

By admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan