Биламизки, ҳозирги кунда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласи бутун дунёдаги энг долзарб муаммолардан бири бўлиб келмоқда. Тан олиш керакки, бу муаммо мамлакатимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ.
Шу ўринда, таъкидлаб ўтиш керакки, сўнгги йилларда, айниқса пандемиядан кейин экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида фуқароларимизнинг ҳуқуқий билими ва маданияти сезиларли даражада ошди.
Юртимиз аҳолисининг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида давлат идоралари ва соҳага оид ваколатли органлар билан ҳамкорлигининг ошиб бораётганлиги ҳам бу борада жамоатчилик назоратининг кучайганлигидан далолат беради.
Бу борадаги амалга оширилаётган ишлар салмоғини янада ошириш мақсадида жорий йилнинг 4 май санасида “Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги янги Қонун (ЎРҚ-1143-сон) қабул қилинди.
Қонунга мувофиқ 1992 йил 9 декабрда қабул қилинган “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги 754-ХII-сонли Қонуни янги ХII боб билан тўлдирилиб, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун молиявий санкциялар жорий этилмоқда.
Жумладан,
– дарёларнинг ўзанларини тозалашга ва қирғоқларини мустаҳкамлашга доир ишларни амалга ошириш тартибини бузганлик учун юридик шахсларга нисбатан атроф-муҳитга етказилган зарарнинг уч баравари миқдорида (54-модда),
– сувларни ифлослантирганлик, шунингдек сув объектларига оқова сувларни оқизишга йўл қўйиш шартлари тўғрисидаги талабларни бузганлик учун юридик шахсларга нисбатан атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун тўланиши лозим бўлган компенсация тўловининг ўн баравари миқдорида (55-модда),
– дарахтларни ва буталарни қонунга хилоф равишда кесганлик, кундаков қилганлик, шикастлантирганлик, йўқ қилганлик ёки бошқа жойга кўчириб ўтказганлик, шунингдек уларни муҳофаза қилиш чораларини кўрмаганлик учун юридик шахсларга нисбатан атроф-муҳитга етказилган зарарнинг беш бараваридан ўн бараваригача бўлган миқдорда (56-модда),
– ифлослантирувчи моддаларни йўл қўйиладиган нормативдан ортиқ даражада атмосфера ҳавосига чиқариб ташлаганлик учун атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг IV тоифасига мансуб юридик шахсларга нисбатан — атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун тўланиши лозим бўлган компенсация тўловининг икки баравари, III тоифасига мансуб юридик шахсларга нисбатан — тўрт баравари, II тоифасига мансуб юридик шахсларга нисбатан — олти баравари, I тоифасига мансуб юридик шахсларга нисбатан — ўн баравари миқдорида (57-модда),
– қурилиш майдонларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя этмаслик учун юридик шахсларга нисбатан атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун тўланиши лозим бўлган компенсация тўловининг уч баравари (58-модда),
– ёқилғини, моддаларни, материалларни ва чиқиндиларни ёқишда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя этмаслик учун юридик шахсларга нисбатан атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун тўланиши лозим бўлган компенсация тўловининг беш баравари миқдорида (59-модда),
– саноат чиқиндиларини, маиший чиқиндиларни ва бошқа чиқиндиларни тўплаш, ташиш, жойлаштириш, зарарсизлантириш, сақлаш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, реализация қилиш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузганлик учун юридик шахсларга нисбатан чиқиндилар жойлаштирилганлиги учун тўланиши лозим бўлган компенсация тўловининг беш баравари (60-модда) миқдорида жарима тарзидаги молиявий санкциялар қўлланилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, Қонуннинг 61-моддаси билан экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун молиявий санкциялар қўллаш тартиби белгиланиб, ушбу Қонуннинг 54 — 60-моддаларида назарда тутилган молиявий санкциялар юридик шахсларга нисбатан экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги давлат экологик назоратини амалга ошириш доирасида ўтказиладиган назорат тадбирлари асосида қўлланилиши назарда тутилмоқда.
Қайд этиб ўтиш жоизки, юридик шахслар ушбу Қонуннинг 54 — 60-моддаларида назарда тутилган, содир этилган ҳуқуқбузарликлардаги айбини тан олган тақдирда, молиявий санкция Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан қўлланилади, низо мавжуд бўлган тақдирда ёки юридик шахс Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан молиявий санкция қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир ой муддатда молиявий санкция суммасини ихтиёрий равишда тўламаган ҳолларда, молиявий санкция қўллаш тўғрисидаги масала суд тартибида ҳал этилади.
Шунингдек, Қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра бу соҳадаги йўл қўйилган битта ҳуқуқбузарлик учун икки хил жарима қўлланилишига йўл қўймаслик мақсадида молиявий санкциялар қўлланилган айни бир ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо чорасини қўллашга йўл қўйилмаслиги белгилаб берилмоқда.
Бундан ташқари, Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳам бир қатор қўшимчалар киритилди.
Жумладан, МЖтКнинг 88-моддаси бешинчи ва олтинчи қисмлар билан тўлдирилиб, унга кўра ёқиш учун мўлжалланмаган жойларда ва (ёки) қурилмаларда ёқилғини, ёқилғи сифатида фойдаланиладиган моддаларни ёки моддалар аралашмасини, ёқилғи ҳисобланмайдиган материалларни ва чиқиндиларни очиқ аланга олдириб ёқиш, шунингдек иссиқхоналарда, ишлаб чиқариш биноларида, ёндириш ускуналарида ёки бошқа объектларда ёқилғи сифатида шиналарни, битумни, мазутни, плёнкани, синтетик картонни, резинани, жун толасини ёқиш ва шунга ўхшаш компонентларни ўз ичига олган чиқиндиларни ёқиш, — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан йигирма беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача, мансабдор шахсларга эса — эллик бараваридан етмиш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Маълумот ўрнида келтириб ўтиладики, мазкур Қонунга асосан киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар 2026 йил 5 август санасидан эътиборан кучга киради.
Ҳамидулло САЪДУЛЛАЕВ,
Навоий туманлараро иқтисодий суди судьяси