Chor. Iyun 10th, 2026

Ер мамлакатнинг муҳим табиий ресурсларидан бири бўлиб, давлат муҳофазасида бўлади. Ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларни асраш ва келажак авлодларга етказиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Ўзбекистон Республикасида ер муносабатлари Конституция, Ер кодекси ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.

 

Сўнгги йилларда аҳоли сонининг ўсиши, қурилиш ишларининг кенгайиши ва тадбиркорлик фаолиятининг ривожланиши натижасида ер участкаларидан фойдаланишга бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда. Айрим ҳолларда фуқаролар ёки ташкилотлар ер участкаларини тегишли рухсатномаларсиз эгаллаб олиш ҳолатларини содир этадилар. Бундай ҳаракатлар қонун бузилиши ҳисобланиб, маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

 

Ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш деганда шахснинг давлат органларининг қарори ёки қонунчиликда белгиланган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларсиз ердан фойдаланиши, уни қурилиш ишлари учун эгаллаши ёки ер майдонини ноқонуний равишда кенгайтириши тушунилади.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида ер муносабатлари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгиланган. Ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳуқуқбузарлик ҳисобланиб, қонунчиликда белгиланган тартибда жарима чоралари қўлланилади. 2024 йил 15 ноябрдаги ЎРҚ-997-сонли Қонун билан жазо чоралари кучайтирилган бўлиб, ҳозирги кунда кадастр идоралари томонидан ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасида қурилиш ишларини амалга оширганлик учун фуқароларга БҲМнинг 200 баравари ва мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 400 баравари миқдорида жарима жазолари қўлланилмоқда.

Маъмурий жавобгарликнинг асосий мақсади ҳуқуқбузарни жазолаш эмас, балки келгусида шундай қонунбузарликларнинг олдини олишдан иборат. Шунингдек, ердан фойдаланиш соҳасида қонунийликни таъминлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш қонунчиликка зид ҳаракат ҳисобланади. Бундай ҳуқуқбузарликлар ер муносабатларининг барқарорлигига салбий таъсир кўрсатади ва давлат ҳамда жамият манфаатларига зарар етказиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир фуқаро ердан фақат қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланиши лозим. Ер ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш мамлакат тараққиётининг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.

 

Беҳзод Шерматов,

Навоий вилоят суди судьяси

 

Баходир Бабақулов,

Навоий вилоят суди судьяси 

By admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan