Халқимизда шундай нақл бор, «Айбдорнинг баҳонаси, гуноҳкорнинг тавбаси
кўп». Биз айтмоқчи бўлаётган воқеа Н.Камолованинг судда кўз ёшлари билан қилмишини
қисман тан олиб, фарзандини сотмоқчи эмас балки вақтинча топшириб кетмоқчи
бўлганини важ қилиб, бироқ нақд пулга сотгани ҳақида боради.
Н.Камолова Бухоролик таниши билан
бирга яшаб, 2024 йил июн ойида
Туркия давлатига ишлаш мақсадида кетади ва 2024 йил август ойида Туркия
давлатидан қайтиб келиб, шу ойда қиз фарзандни дунёга келтиради. Н.Камолова яна
ишлаш мақсадида Туркия давлатига кетишни режалаштиради ва бунинг учун
фарзандини сотиш нияти пайдо бўлади.
2024 йилнинг 4 сентябрь куни ИИБ ва ДХХ ходимлари томонидан тадбир иштирокчисининг аризасига асосан ўтказилган тезкор тадбирда, Н.Камолова ўзининг 21.08.2024 йилда туғилган фарзанди С.Камоловани ўн саккиз ёшга тўлмаганлигини
била туриб, 10 млн сўмга сотиб, вояга етмаган фарзандини
сотганлиги бўйича тилхат ёзиб берган вақтида, ҳуқуқни муҳофаза қилиувчи орган ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Н.Камоловага нисбатан юритилган жиноят иши, 2025 йил 5 февраль куни
жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди томонидан кўриб чиқилди.
Айбдорнинг қилмиши нафақат ўзининг кўрсатмаси, балки пулларни кўздан
кечириш, кимёвий ишлов бериш ва овоз ёзиш диктофонини фуқарога бериш
тўғрисидаги баённомалар, воқеа жойини кўздан кечириш ҳамда ашёвий далилларни
олиб қўйиш ҳақидаги баённома, экспертиза хулосаси ва судда сўралган
гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тасдқиланди.
Суд томонидан Н.Камоловани Ўзбекистон Республикаси ЖК 135-моддаси
3-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб
топилиб, унга шу модда билан Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланиб, 3 (уч) йил
6 (олти) муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Хулоса шуки, инсонийликни ва ўзликни унутган бу тоифа шахсларга қонунда
жазо муқаррар эканлигини англашимиз зарур.
Сайдуллаев Алишер,
Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг раиси