МЖТК (Маъмурий Жавобгарлик Тўғрисидаги Кодекс)нинг 133-моддасига мувофиқ, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши натижасида жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилиши маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида кўриб чиқилади. Ушбу модданинг ҳуқуқий моҳияти йўл ҳаракати қоидаларини бузган шахсларни жавобгарликка тортиш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган. Мазкур модда бўйича жавобгарликка тортиш шартлари қуйидагича белгиланган яъни, ҳайдовчи томонидан йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши, натижада жабрланувчига енгил тан жароҳати етказилиши, анча миқдорда моддий зарар етказилиши. «Енгил тан жароҳати» тиббий кўрсаткичларга мувофиқ, шахснинг соғлиғига катта таъсир кўрсатмайдиган, аммо вақтинча меҳнат лаёқатини йўқотишига олиб келадиган жароҳат туридир. Бу жароҳатни аниқлашда тиббиёт экспертизаси хулосаси асосий ҳуқуқий далил сифатида кабул қилинади. «Анча миқдорда моддий зарар» тушунчаси моддий жиҳатдан аниқланадиган зарар миқдорини ифодалайди. Бундай зарар норма ёки меъёрий ҳужжатлар билан белгиланган миқдорлардан келиб чиқиб аниқланади ва одатда молиявий баҳоланади. Зарарнинг миқдори жабрдийда томонидан аниқ кўрсатиб берилиш зарур. 133-модда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун қуйидаги чора-тадбирларни кўзда тутади яъни, маъмурий жарима, ҳайдовчилик гувоҳномасидан вақтинча маҳрум қилиш, жарима миқдори ҳуқуқбузарнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиш оғирлиги ва етказилган зарар миқдоридан келиб чиқиб белгиланади. Шу билан бирга, такрорий ёки жиддий ҳолатлар учун кўпроқ оғирроқ чоралар қўлланилади. Ушбу модда ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиши, йўл ҳаракатининг хавфсизлигини таъминлаши ва автоҳалокатлар олдини олишга қаратилган. Ҳайдовчиларга огоҳлантириш ва масъулият юклаш орқали 133-модда йўл ҳаракати қоидабузарликларини камайтиришга хизмат қилади. Йўл транспорт ҳодисалари чуқур таҳлил қилиниб, эчимлар ишлаб чиқилади ва ҳайдовчилар онгини ошириш мақсадида турли хил профилактик чора-тадбирлар амалга оширилади.
Шундай қилиб, 133-модда нафақат жазо чоралари кўрилиши, балки йўл ҳаракати маданиятини оширишга ва ҳар бир йўл қатнашчисини хавфлардан ҳимоя қилишга хизмат қилади. Маҳаллий ҳокимият органлари, ички ишлар хизматлари ва бошқа тегишли ташкилотлар ушбу модда ижросини таъминлашда фаол иштирок этадилар. Мақсад бутун жамият учун хавфсиз ва бехатарсиз ҳаракат муҳитини яратишдир.
Фурқат Рахманов,
Навоий вилоят суди судьяси
Шерали Хомидов,
Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди тергов судьяси