Chor. May 27th, 2026

Кейинги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олишга доир янги механизмларни яратишга, одил судловдан фойдаланиш имкониятларини оширишга ва суд жараёнларини мақбуллаштиришга, махсус иқтисодий зоналар ва саноат зоналари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилди.

Шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал ҳамда Иқтисодий процессуал кодексларига, “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини соддалаштирилган тартибида кўриб чиқиш учун асос бўлувчи даъвонинг баҳоси оширилишини, инвестиция битими бўйича мажбуриятларини бажармаган тадбиркорлик субъектларининг ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқини бекор қилиш тўғрисида иқтисодий судларга киритилган даъволар юзасидан махсус иқтисодий зоналарнинг ва саноат зоналарининг дирекциялари давлат божини тўлашдан озод этилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, 2026 йил 30 апрел кунидаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1142-сонли Қонуни билан Фуқаролик процессуал кодексининг 2792-моддасининг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:

“Агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан юз бараваридан, жисмоний шахсларга нисбатан эса эллик бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозим”.

Бундан ташқари, 2026 йил 27 март кунидаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1126-сонли Қонуни билан Фуқаролик кодексининг 312-модда иккинчи қисмининг иккинчи жумласи “закалат олган тараф жавобгар бўлса” деган сўзлардан кейин “қонунчиликда бошқача қоида белгиланган бўлмаса” деган сўзлар билан тўлдирилди.

Мазкур кодекснинг 763-моддасининг 4-қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди “Банк фоизлар ва (ёки) бошқа даромадлар миқдорини камайтирган тақдирда, уларнинг янги миқдори улар камайтирилганлиги ҳақида омонатчиларга хабар берилганидан кейин қўйилган омонатларга нисбатан қўлланилади. Агар банк омонати шартномасида бошқа муддат назарда тутилган бўлмаса, ушбу хабарга қадар қўйилган омонатларга нисбатан камайтирилган фоизлар ва (ёки) бошқа даромадлар миқдори тегишли хабар берилган пайтдан бир ой ўтганидан кейин қўлланилади” деб бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

 

М.Мардонов,

Фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро суди судьяси

 

Б.Искандаров,

Фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро суди судьяси

By admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan