Chor. May 27th, 2026

“Янги Ўзбекистон”ни барпо этиш йўлида мамлакатимизда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишнинг институционал ҳамда ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Айниқса хотин-қизларнинг жамиятдаги роли, ўрни ва нуфузини ошириш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишларни янги босқичга кўтариш ва уларни умумэътироф этилган жаҳон андозалари талабларига келтириш юзасидан қилинаётган саъй ҳаракатлар алоҳида эътиборга молик.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 3-мартдаги “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги ПФ-33-сонли Фармони қабул қилиниб, аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган чоралар кучайтирилди.

Ушбу Фармон шунчаки навбатдаги ҳужжат эмас, балки аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг энг юқори тизимини яратишга қаратилган давлат иродасининг ифодаси бўлиб, Фармонда белгиланган 2030 йилгача никоҳланувчиларни 100 фоиз махсус курсларда ўқитиш вазифаси – бу келажакдаги оилаларнинг ҳуқуқий ва психологик пойдеворини мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, бу курсларда «маиший зўравонликсиз ҳаёт» тушунчаси ёшлар онгига сингдирилади.

Президент Фармони бу шунчаки қоғоздаги нормалар эмас, бу — ҳар бир ўзбек аёлининг табассуми, ҳар бир боланинг беғубор кулгиси ва ҳар бир оиланинг тинчлиги гарови эканлигини кўришимиз мумкин.

         2026 йил 6 май куни Навбаҳор туманидаги 15-мактабда туман судининг ташаббуси билан прокуратура ва ички ишлар бўлими билан ҳамкорликда Президент Фармонининг мазмун-моҳиятини ўрганиш, аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, ёшлар ўртасида жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликлар, жумладан гиёҳвандлик ва уюшган жиноятчиликни олдини олишга қаратилган ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди.

 

Алишер Сайдуллаев,

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг раиси

 

Козим Козиев,

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг тергов судьяси

By admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan