Chor. May 27th, 2026

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, айниқса, аёллар ва болалар манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада қабул қилинаётган қонун ва қарорлар жамиятда адолатли муҳитни шакллантириш, оила институтини мустаҳкамлаш ҳамда ҳар қандай зўравонликка қарши муросасиз муносабатни қарор топтиришга хизмат қилмоқда.

Президентимиз томонидан 2026 йил 3 март куни “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги Фармон қабул қилингани бу борада навбатдаги муҳим қадам бўлди.

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди раиси Б.Алиқулов, судьялар С.Болтаев, Д.Пардаева ва У.Исмаиловлар Навоий Кончилик ва технологиялар университети хотин-қиз талабалари ўртасида ушбу Фармоннинг мазмун-моҳияти ҳамда асосий мақсадлари юзасидан учрашув ўтказдилар.

Мазкур учрашувда Фармонда таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилгани, унга кўра, ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланаётган талабалар “иккинчи имконият” ташаббусидан баҳраманд бўлишлари, яъни 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб, ушбу тоифадаги талабаларга фанлар фарқини қайта ўзлаштириш шарти билан таълимни давом эттириш имконияти берилиши, бу эса, ёш оналарнинг таълимдан узилиб қолмаслигини таъминлашга қаратилган муҳим воқелик эканлиги алоҳида таъкидланди.

Шу билан бирга, аёллар ва болаларга нисбатан содир этилган жиноятлар бўйича жавобгарлик кучайтириш, хусусан, вояга етмаганларга нисбатан жинсий эркинликка қарши жиноятлар содир этган шахслар учун жазо чоралари оғирлаштирилиши, айрим ҳолатларда умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўллаш таклиф этилаётганлиги, буларнинг барчаси жамиятда бундай жиноятларга нисбатан муросасиз муносабатни янада кучайтириши ҳақида тушунтириш берилди.

Фармон ижроси доирасида судлар ва тергов органлари зиммасига ҳам алоҳида муҳим вазифалар юклатилиб, аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик билан боғлиқ жиноят ишлари, 2027 йилдан бошлаб, қоида тариқасида, махсус тайёргарликдан ўтган терговчилар ва судьялар томонидан кўриб чиқилиши таъминланиши ҳақида тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, аёллар ҳамда болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Зарурий профилактик чораларни янада кучайтириш бўйича Навоий шаҳар хокимининг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари, университет ўқитувлари ҳамда талабларнинг фикрлари тингланди. Учрашув жараёнида аёллар ва болалар ҳуқуқларини ишончли таъминлаш, уларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳамда жамиятда бундай ҳолатларга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантиришга оид тарғибот материаллари тарқатилди.

 

Баходир Алиқулов,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди раиси

 

Дилобар Пардаева,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг судьяси

 

Суннат Болтаев,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг тергов судьяси

 

Улуғбек Исмаилов,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг тергов судьяси

By admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan