Навоий вилоят суди ташаббуси билан тўловга қобилиятсизлик соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар, ушбу тоифадаги ишларнинг суд амалиётида кўрилиши ва мазкур ҳолатда вужудга келаётган муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан вилоят суди биносида семинар ўтказилди. Мазкур тадбирда Навоий вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати, Навоий туманлараро иқтисодий суди судьялари, Давлат активларини бошқариш агентлиги Навоий вилоят бошқармаси ходимлари ва тугатиш бошқарувчилари, вилоят солиқ бошқармаси ходимлари иштирок этишди. Ўтказилган семинарнинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тўловга қобилиятсизлик институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 78-сонли Фармони ҳамда «Тўловга қобилиятсизлик соҳасида давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 172-сонли Қарорининг мазмун-моҳиятини судьялар, тугатиш бошқарувчилари ва тўловга қобилиятсизлик соҳасидаги масъулларга етказишдан иборат бўлиб, мазкур Фармон ва Қарорда белгиланган талаблар, мақсад ва вазифалар маърузачилар томонидан тадбир иштирокчиларига батафсил тушунтириб ўтилди. Учрашув очиқ мулоқот руҳида ташкил этилиб, тугатиш бошқарувчилари ўз фаолияти давомида учраётган амалий муаммолар юзасидан саволлар бердилар. Судьялар томонидан берилган ҳуқуқий тушунтиришлар эса қонун нормаларини тўғри қўллаш ва иш юритиш жараёнларида хатоларга йўл қўймасликка хизмат қилиши таъкидланди. Хусусан, тадбирда жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, тугатиш ишларини амалга оширишда қонун талабларига қатъий риоя қилиш, мазкур муносабатларда коррупциявий ҳолатларга мутлақо йўл қўймаслик ҳар бир масъулнинг устувор вазифаси эканлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, семинарда иқтисодий судларда тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларнинг кўриб чиқилишида вужудга келаётган мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими, “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда иқтисодий судлар томонидан “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисидаги Пленум Қарорининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида тушунтиришлар берилди. Семинар давомида Навоий туманлараро иқтисодий судининг иш юритувида тугатиш ишлари муддати бир йилдан ошган 21 та тўловга қобилиятсизлика оид ишлар мавжудлигини, ушбу ишлар таҳлил қилинганда тугатиш бошқарувчилари томонидан ўз хизмат вазифаларини белгиланган тартибда, муддатда ва сифатли бажаришга етарлича эътибор қаратилмаётганлиги танқидий равишда таъкидлаб ўтилиб, тугатишга доир ишларни қонунчиликда белгиланган тартибда ва муддатда амалга оширишга жиддий эътибор қаратиш лозимлиги таъкидлаб ўтилди. Семинар давомида тугатиш бошқарувчилари томонидан тўловга қобилиятсизликка оид ишларни ўз вақтида якунлаш, оралиқ ҳисоботларни тақдим этиб бориш, хулосаларни белгиланган муддатларда тақдим этиш, қонунда белгиланган нормаларга тўлиқ риоя этиш, коррупциявий ҳолатларга йўл қўймаслик, Давлат активларини бошқариш агентлиги Навоий вилоят худудий бошқармаси томонидан эса тугатиш бошқарувчилари фаолиятини назорат қилиб бориш лозимлиги тўғрисида тушунтиришлар берилди. Учрашув қизғин баҳс-мунозара шаклида давом этиб, тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди.
Нурбек Умаров,
Навоий вилоят суди судьяси
Шерзод Ғофуров,
Навоий туманлараро иқтисодий судининг раиси