Сўнги йилларда мамлакатимизда барча соҳалар, хусусан тадбиркорликнинг ривожланишига, жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқлари таъминланишига, қонунларимиз устувор бўлишига катта эътибор қаратилмоқда.
Эътироф этиш лозимки, мазкур имконият ва қўлайликлардан жамиятимизнинг аксарият қисми тўғри фойдаланишмоқда, ўз ҳуқуқларини англаб, мажбуриятларини ўз вақтида тўлиқ бажришиб, қонунларимизга ҳурмат билан муносабатда бўлишмоқда. Аммо, ҳамма ҳам шундай муносабатдами…
Афсуски, йўқ, чунки айрим шахслар ўз ҳуқуқларининг чегарасидан ўтиб, қонунчиликда мавжуд талабларни менсимасдан, бу орқали жамият манфаатларига дахл қилишаётганлиги ҳам, бор ҳақиқат.
Ушбу мақоламиз орқали эса суд амалиётида кўрилган бир иқтисодий иш мисолида йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатига тўхталмоқчимиз.
Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Навоий вилояти бошқармаси Зарафшон шаҳар бўлими (бундан буён матнда “аризачи” деб юритилади) якка тартибдаги тадбиркор “М.И” (тадбиркор номи қисқартирилган, бундан буён матнда “жавобгар” деб юритилади)га нисбатан судга ариза билан мурожаат қилиб, умумий овқатланиш корхоналарига қўйиладиган санитария-гигиена хулосаси олингунига қадар жавобгарнинг Зарафшон шаҳар 14-кичик туманида жойлашган автобекатдаги умумий овқатланиш фаолиятини тўхтатиб туришни сўраган.
Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан ариза қаноатлантирилиб, умумий овқатланиш корхоналарига қўйиладиган санитария-гигиена хулосаси олингунига қадар “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан жавобгарнинг Зарафшон шаҳар 14-кичик туманида жойлашган автобекатдаги умумий овқатланиш фаолияти тўхтатилган.
Жавобгарнинг фаолиятини тўхтатиб туриш тўғрисидаги мазкур аризани суд муҳокамаларида кўриш жараёнида ушбу ариза хусусиятига боғлиқ бўлмаган бошқа қонунбузилиш ҳолати суд томонидан аниқланди.
Хусусан, Зарафшон шаҳар ҳокимининг қарори билан “Сартарошхона, савдо дўкон ва автобекат”нинг 150,0 метр квадратдан иборат умумий ер майдонидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи ҳамда шундан қурилиш эгаллаб турган майдони 101,2 метр квадрат бўлган бино ва иншоотларига мулк ҳуқуқи эътироф этилган.
Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, мазкур “Сартарошхона, савдо дўкон ва автобекат” биносининг ҳудудидан чиқмаган ҳолда орқа томонидан қўшимча бинолар (омборхона ва ҳожатхона) 49,0 метр квадрат қуриш таклиф-лойиҳаси Архитектура-шаҳарсозлик кенгаши билан келишилган.
Бироқ, суд муҳокамалари ҳамда объектни кўздан кечириш жараёнида аниқланган ҳолатларга кўра, амалда қурилиш ишлари мазкур таклиф-лойиҳа асосида қурилмаганлиги, мулк ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлмаган ер майдони ўзбошимчалик билан эгалланиб, қонунсиз қурилишлар амалга оширилганлиги, бажарилган қурилиш ишлари фуқароларнинг автобекатдан қулай тарзда фойдаланиш имкониятини чеклаганлиги маълум бўлди.
Зеро, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 212-моддасига кўра, қонунчиликда белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси
200-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, ишни кўриш вақтида давлат органининг ёки бошқа органнинг, юридик шахснинг, мансабдор шахснинг ёки фуқаронинг фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда, уларнинг ишда иштирокидан қатъи назар, суд хусусий ажрим чиқаришга ҳақлидир.
Шунга кўра, суд томонидан юқорида ҳолатлар бўйича қонунбузилишга йўл қўйилганлигини батафсил ўрганиш мақсадида хусусий ажрим чиқарилиб, мазкур хусусий ажримда кўрсатилган ҳолатлар юзасидан тегишли шахсларнинг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо бериш учун хусусий ажрим Зарафшон шаҳар прокуратурасига юборилган.
Албатта, қайд этилган ҳолатларга кўра, таъкидламоқчимизки, ўз ҳуқуқларимизни бошқа шахсларнинг ҳуқуқларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмаган ҳолда амалга ошириш, мажбуриятларимиз мавжудлигини унутмаган ҳолда уни тўлиқ ва ўз вақтида бажариш, қонунларимизга ҳурмат билан муносабатда бўлиш ҳуқуқий маданиятнинг энг муҳим шарти бўлиб, ҳар биримизни жамиятимизнинг интизомли аъзоси бўлишини таъминлаган ҳолда бизни жавобгарликдан, ўрни келганда қонуний жазодан асраб туради.
Аллаев Абдулло Садуллоевич,
Навоий вилоят суди раиси
Шерзод Ғофуров,
Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг раиси