Chor. May 27th, 2026

Бугун cуд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар ушбу тизим фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга, тадбиркорлар манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга ҳамда уларнинг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Хусусан, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида юзага келаётган низоларни кўриб чиқишда, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда, шаффофлик ва холисликни таъминлашда судларнинг алоҳида ўрни бор.

Айтиш керакки, суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқи кафолатланган давлатда табдиркорлар сони ошиб боради ва ўша давлат иқтисодий жиҳатдан ривожланиб бораверади.

Маълумки, амалдаги Иқтисодий процессуал кодексига мувофиқ, ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун иқтисодий судга (судга) ушбу Кодексда белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақли.

Жумладан, Учқудуқ туман адлия бўлими “N” хусусий корхонаси манфаатида судга мурожаат қилиб, “О” бошқармасидан 64.000.000 сўм қарздорликни ундиришни сўраган.

Ишдаги мавжуд далиллардан кўринишича, тарафлар ўртасида 2023 йил 18 июлда № 53-сонли пудрат шартномаси тузилган.

Даъвогар томонидан шартномада белгиланган тартиб ва муддатда ишлар бажарилиб топширилган бўлса-да, жавобгар томонидан шартномада келишилган тўловлар амалга оширилмасдан, қарздорликка йўл қўйилган.

Ушбу қарздорликни тўлаш ҳақида туман адлия бўлими томонидан жавобгарга тақдимнома юборилган, бироқ жавобгарнинг ҳисоб-рақамида етарли пул-маблағлари мавжуд бўлмаганлиги сабабли қарздорлик тўланмаган.

Шу сабабли туман адлия бўлими даъвогар манфаатида судга даъво аризаси киритиб, юқоридаги қарздорликни ундиришни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 638-моддасига биноан, агар пудрат шартномасида бажарилган ишга ёки унинг айрим босқичларига олдиндан ҳақ тўлаш назарда тутилган бўлмаса, буюртмачи пудратчига шартлашилган ҳақни иш тегишли тарзда ва келишилган муддатда ёхуд буюртмачининг розилиги билан муддатидан олдин бажарилиб, унинг натижалари узил-кесил топширилганидан кейин тўлаши шарт.

Қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда, суд иш ҳужжатларини ўрганиб ҳамда уларга ҳуқуқий баҳо бериб, даъво талабини қаноатлантиришни, жавобгар “О” бошқармасидан – даъвогар “N” хусусий корхонаси фойдасига 64.000.000 сўм қарздорликни ундиришни лозим топди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, шартнома мажбуриятлари тарафлар ўртасида ўз вақтида бажарилса, низо ҳеч қачон келиб чиқмайди ва ундан ҳамма бирдек манфаат кўради, қолаверса улар ортиқча вақт ҳам йўқотмайдилар.

 

Аллаев Абдулло Садуллоевич,

Навоий вилоят суди раиси

 

Турдиев Дилшод,

Учқудуқ туман иқтисодий судининг раиси

By admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan